Режа:
Қонун устуворлиги тушунчаси ва унинг моҳияти.
Қонун устуворлигини таъминловчи асосий шартлар.
Жиноий жазоларни либераллаштириш – қонун устуворлигининг муҳим шарти.
Қонун устуворлиги тамойилининг Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қурилишидаги аҳамияти.
Қонун устуворлиги инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати
Таянч сўзлар:Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун устуворлиги, ҳуқуқ ва эркинликлари, жиноий жазоларни либераллаштириш, ҳуқуқий онг ва маданият, ҳуқуқий давлат, ҳокимият тармоқлари, сайлов, сайлов ҳуқуқи, адолат, суд-ҳуқуқ тизими.
Ўзбекистон Республикасида ҳокимият ўз моҳиятига кўра ягонадир. Чунки, Конституциянинг 7-моддасига биноан, ҳокимиятнинг ягона манбаи халқдир. Алоҳида олинган бошқа бирор ҳокимият органи бутун давлат ҳокимиятини амалга оширишга даъвогарлик қилиши мумкин эмас. Давлат ҳокимиятининг давлат органлари ўртасида бўлинишини давлат ҳокимиятининг амалга ошириш ваколатларини қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари ўртасида бўлиниши, деб тушуниш керак. Зеро, улар Конституцияда белгилаб берилган ўз ваколатларини амалга оширишда бир-бирларидан мустақилдирлар.
Ҳокимиятни учга бўлиниш қоидаси кейинчалик «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида» ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида» ги конституциявий қонунларда, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги, «Судлар тўғрисида»ги каби бошқа қонунларда янада ривожлантирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизими фақатгина ҳокимиятнинг учта тармоғи ўртасида эмас, балки ҳокимиятнинг тармоқлари билан давлат бошлиғи — Президент ўртасида ҳам амал қилади. Масалан, парламент томонидан қабул қилинган қонунлар Президент томонидан имзолангандан кейингина кучга киради, Президент вето ҳуқуқига эга, яъни у қабул қилинган қонунларни имзоламасдан қайта ишлаш учун парламентга қайтариши мумкин, Консти- туцияда назарда тутилган ҳолларда парламентни тарқатиб юбориши мумкин, ижро этувчи ҳокимият раҳбари — Бош вазирнинг номзодини тасдиқлаш учун, шунингдек, Конституциявий, Олий ва Олий хўжалик суди судьяларининг номзодларини сайлаш учун парламентга тақдим этади, қонун чиқарувчи орган бўлган Олий Мажлис эса Бош вазирни лавозимга тасдиқлайди, парламент юқори палатаси кўрсатилган судлар судьяларини сайлайди, парламент Конституцияда назарда тутилган ҳолларда Президент фармонларини тасдиқлайди.
Конституция, конституциявий қонунлар ва қонунларнинг таҳлили бугунги кунда мамлакатимизда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини таъминлашнинг самарали механизми яратилганлигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, бу тизимни келажакда янада ривожлантирилишини ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. 2005-йилда мамлакатимиз парламенти палаталарининг қўшма мажлисида юртбошимиз «Давлат қурилиши ва бошқаруви соҳасидаги энг муҳим вазифа бу қонунчилик ҳокимияти бўлмиш мамлакат Парламентининг роли ва таъсирини кучайтириш, ҳокимиятнинг қонунчилик, ижро ва суд тармоқлари ўртасида янада мутаносиб вабарқарор мувозанатга эришишдан иборат», деб кўрсатиб берган эдилар.
Кўриниб турибдики, мамлакатда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатга хос бўлган ҳокимиятнинг учга бўлиниши принципини ҳаётга қўллаш, унга амал қилиш жараёнининг ривожланиши янги босқичга кирди. Бу принципни жамиятнинг яшаш қоидасига айлантириш қонун устуворлиги принципини ҳаётда намоён бўлишининг асосий қирраларидан биридир.
Суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш — қонун устуворлигини таъминлаш омили
Ривожланган мамлакатлар тарихий тажрибасидан маълумки, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан мустақил равишда амал қилувчи суд ҳокимияти ҳуқуқий давлат белгиларидан биридир. Суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан мустаҳкамланган. Суд ҳокимияти органларининг фаолияти қуйидаги принципларга асосланади:
одил судловни амалга ошириш;
қонунийлик;
судларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши;
бамаслаҳат иш кўриш;
фуқароларнинг суд олдида тенглиги;
томонларнинг тортишувчанлиги ва тенг ҳуқуқли эканлиги;
суд ишларини юритишнинг ошкоралиги;
айбсизлик презумпцияси;
малакали юридик ҳимояга эга бўлиш ҳуқуқи;
суд жараёнини миллий тилда бориши принципи;
суд ҳокимияти-ҳужжатларининг барча ҳуқуқ субъектлари учун мажбурийлиги;
судья лавозимининг депутатлик мандати ва партияга мансубликдан холи эканлиги.
Ўзбекистон Республикаси суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тизими қуйидаги асосий бўғинларни ўзида мужассамлаштиради: Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди; Ўзбекистон Республикасининг Олий суди; Қорақалпоғистон Республикасининг Олий суди, вилоят, туман, шаҳар судлари ва ҳарбий судлар; Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси; адвокатура; Ички ишлар вазирлиги; Адлия вазирлиги; Божхона қўмитаси.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ХХI боби «Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти» деб номланади. Унда суд ҳокимиятининг мустақиллиги, суд тизими, судларни ташкил этиш ва улар фаолиятининг конституциявий принциплари ҳамда суд ҳокимияти фаолияти билан боғлиқ асосий қоидалар белгилаб қўйилди. Суд ҳокимияти тўғрисидаги конституциявий нормалар бир қатор тармоқ қонунларида ривожлантирилган бўлиб, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонунининг 2-моддасида суднинг вазифалари белгилаб қўйилган. Мазкур нормага кўра, «Ўзбекистон Республикасида суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари суд йўли билан ҳимоя қилинади. Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир».
Барча ривожланган мамлакатларда бўлганидек, мамлакатда Конституциявий назорат қилиш вазифасини Конституциявий суд амалга оширади. Ушбу суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўрганида ва хулосалар берганида фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормаларига риоя қилганлиги учун умумий ва хўжалик юрисдикция судларидан фарқ қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |