6.4. Сув буғи парциал босими ва нисбий намликнинг ўзгариши.
Атмосферанинг ерга туташган қатламида сув буғи парциал босимининнг суткалик ўзгариши анча аниқ кўринишга эга. Океанлар, денгизлар ва қирғоқлар устидаги сув буғи парциал босимининг ўзгаришлари сув ҳамда ҳаво ҳароратларининг суткалик ўзгаришига ўхшайди. Унинг минимал қийматлари қуёш чиқиши олдидан ва максимал қийматлари соат 14-15 ларда кузатилади. Қуёш чиқиши олдидан фаол сиртларнинг ҳарорати энг паст ва буғланиши кам. Шунинг учун ҳаводаги сув буғи ҳам оз бўлади.
Йилнинг совуқ вақтларида қуруқлик устидаги сув буғи парциал босимининг ўзгариши юқоридагига ўхшайди.
Ёз вақтида, айниқса иссиқ кунларда қуруқлик устидаги ерга туташган ҳаво қатламида парциал босимнинг суткалик ўзгаришида иккита минимум: кечаси ва тушки соатларда, ҳамда иккита максимум: эрталаб ва кечқурун кузатилади.
Сув буғи парциал босимининг йиллик ўзгариши қуруқлик ва океан устидаги ҳаво ҳароратининг йиллик ўзгариши билан мос келади. Шимолий ярим шарда парциал босимнинг максимал қиймати июл ойида, минимал қиймати эса январ ойида кузатилади.
Ўзбекистон ҳудудида сув буғи парциал босимининг тақсимла-ниши қуйидагича бўлади: қишда (январда) республика текисликларининг шимолий қисмида е нинг қийматлари 3-4 гПа, жанубий қисмида 5-6 гПа тенг.
Аммо тоғли қисмида ҳароратнинг пастлиги сабабли е миқдори 1-2 гПа дан кам. Ёзда сув буғининг парциал босимининг ўртача миқдори қишга нисбатан кўп бўлиб, Орол денгизи бўйида, Қуйи Амударёда 19-25 гПа га етса, Қизилқумда 9-10 гПа ни ташкил қилади. Демак, ёзда е нинг тақсимланиши ҳароратдан ташқари яна суғорила-диган ерлар, сув ҳавзалари (дарё, канал, сув омборлари, кўллар) нинг мавжудлигига ҳам боғлиқ.
Сув буғи парциал босимининг суткалик амплитудаси қишда 0,3-0,7 гПа ни, ёзда эса 1,0-5,0 гПа ни ташкил қилади.
Сув буғи парциал босимининг ер сиртидаги энг кам қийматлари қишда Антарктика ва Якутияда учраб, е нинг қийматлари гектопаскалнинг юзлик улушларига тенг бўлади, экваторда эса е нинг энг катта қиймати 35 гПа гача етади. Ҳаво қанчалик иссиқ бўлса, у шунчалик кўп буғни тўйинмаган ҳолда сақлаши мумкин ва буғнинг парциал босими ҳам катталаша боради. Аммо е нинг қийматлари сув буғининг атмосферага ўтиши имкониятларига ҳам боғлиқ. Масалан, чўлларда ҳарорат юқори бўлса ҳам сув буғининг парциал босими жуда кам, чунки қуруқ ернинг буғланиши жуда камлигидан атмосферага ҳам оз буғ миқдори қўшилади.
Ҳаво нисбий намлигининг суткалик ўзгаришининг бориши ҳаво ҳароратининг суткалик ўзгаришига тескари равишда рўй беради. Буни қуйидагича тушунтирилади.
Нисбий намлик ¦ нинг суткалик ўзгариши е ва Е ларнинг суткалик ўзгаришига боғлиқ.
Сув буғи парциал босими е нинг суткалик ўзгариш амплитудаси унчалик катта эмас. Кундузи буғланиш кучайиб атмосферада буғ миқдорининг ортиш тезлигига қараганда тўйинган буғ босими тезроқ ортади. Демак, е га нисбатан Е тезроқ ортади. Шунинг учун е/Е нисбат ҳаво ҳарорати ошган сари камая боради ва суткалик минимум соат 14-15 ларга тўғри келади. Нисбий намликнинг суткалик максимуми эса кечаси ёки қуёш чиқиши олдидан кузатилади.
Нисбий намлик суткалик ўзгаришининг бундай меъёрда ўтиши денгиз қирғоқларида бриз шамолининг таъсирида бузилади. Чунки тушки пайтларда бриз шамоли қирғоққа кўплаб сув буғини олиб келади, натижада е нинг қиймати ортиши натижасида ¦ ҳам ортади (нормал суткалик ўзгаришда эса ¦ тушки пайтда камайиши керак).
Нисбий намликнинг йиллик ўзгаришида максимал қиймати қишда, минимал қиймати эса ёзда кузатилади.
Ўзбекистон ҳудудида ҳавонинг нисбий намлиги йил давомида ўзгариб боради: ёз ойларида камайиб, қишда эса ҳароратнинг пастлиги ва ёғингарчиликнинг кўплиги сабабли ортади.
Текисликларда ва тоғ олди районларда январ ойида ҳавонинг ўртача ойлик нисбий намлиги 70-80% атрофида (Термизда 79%, Тошкентда 71%) бўлади. Тоғли жойларда ҳавонинг нисбий намлиги анча кам. Масалан, Чимёнда 59%, Шохимардонда 55%.
Ўзбекистонда ёзда (июлда) ҳароратнинг юқорилиги ва ёғинларнинг деярли бўлмаслиги сабабли ҳавонинг ўртача ойлик нисбий намлиги Қизилқумда, Қарши ва Шеробод чўлларида энг кам бўлиб, 30-35% ни ташкил этади. Қолган қисмларида эса ўртача нисбий намлик 40-50% атрофида (Андижонда 46%, Чимёнда 48%) ўзгаради.
Тошкент шаҳрида январда ўртача ойлик нисбий намликнинг суткалик ўзгаришида максимум 77% маҳаллий вақт билан соат 22 атрофида, минимум 58% эса соат 13 ларда кузатилади. Тошкент шаҳрида июл ойида ўртача нисбий намликнинг суткалик ўзгаришида максимум 57% соат 04 ларда, минимум 23% эса соат 13-16 ларда кузатилади.
Ҳавонинг нисбий намлиги 30% ва ундан кам бўлган кунларни қурғоқчил кунлар деб юритилади. Уни билиш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида амалий аҳамиятга эга. Бундай кунлар республикамиз текислик қисмида йил бўйи ўрта ҳисобда 100-200 кунни, энг жанубда Шерободда эса 200 кундан ҳам ошиқ.
Тўйиниш етишмовчилигининг ўзгаришида максимум тушки пайтдан кейин, минимум эса эрталаб қуёш чиқиши олдидан кузатилади.
Масалан, Чимбойда январда ўрта ойлик тўйиниш етишмовчилигининг суткалик ўзгаришида максимум 1,9 гПа соат 1600 да, минимум эса 0,6 гПа соат 04-07 ларда кузатилади.
Чимбойда июлда ўртача ойлик тўйиниш етишмовчилигининг суткалик ўзгаришида максимум 37,2 гПа маҳаллий вақт билан соат 16 да, минимум эса эрталаб соат 04 да кузатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |